Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2025, Тошкент вақти: 19:49

“Элчилик ёрдам бермаяпти”. Бишкекда ўзбекистонлик талаба комада ётибди


Азиза Гулмуродова.
Азиза Гулмуродова.

Бишкекда таҳсил олаётган ўзбекистонлик 25 яшар Азиза Гулмуродова 40 кундан зиёд вақтдан бери комада ётибди. Уни университет яқинида машина уриб юборган.

Онаси - Дилафруз Каримованинг айтишича, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасига бир неча бор мурожаат қилган, аммо ҳанузгача ҳеч қандай ёрдам берилмаган. Қизи шифохонада оғир аҳволда ётар экан, ўзи эса бир ярим ойдан буён Бишкек кўчаларида сарсон. Воқеа бўйича милиция жиноят ишини очган, аммо ҳайдовчи ҳануз қўлга олинмаган. Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли бу ҳолатни назоратга олишни сўраб, расмий идораларга мурожаат йўллади.

Азиза Гулмуродовани 2 апрелда ўзи ўқиётган Халқаро тиббиёт университетининг яқинида машина уриб кетган. Қиз оҳир аҳволда республика шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

“Уч ойдан кейин университетнинг Стоматология факультетини тамомлаб, диплом олиши керак. Ҳозир аҳволи жуда оғир. Ўзбекистон ҳукумати, президентимиз бизга ёрдам қилсин, қарзларим бор, кўчада ётиб юрибман. Ҳалқдан ёрдам сўрайман, илтимос ёрдам қилинглар” – деди Каримова 13 май куни Озодлик билан суҳбатда.

У автоҳалокат ҳақида ўша куниёқ қизининг курсдошларидан эшитган ва дарҳол йўлга чиққан. Аммо келганидан буён бир ярим ойдирки, у на турар жой топган, на расмий ёрдам олган. Кийим-кечаси қизининг ётоқхонасида.

Дилафруз Каримова
Дилафруз Каримова

“Элчихонага бордим, кўп бора илтимос қилдим, ёрдам беришмади. Қизимни машинасида уриб кетган йигит ҳам ёрдам бергани йўқ. Милицияга ариза ёздим, натижасидан бехабарман. Ёлғиз онаман, қизимдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Унинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириб кетишга имконим бўлмади. Ўқиш учун ҳар йили 2500 доллар контракт тўлайман. Қизимнинг ётоқхонасига буюмларимни қўйганман. Лекин у ерда талаба қизлар билан яшай олмайман. Зарур пайтдагина бориб келаман. Қизим касалхонада, мен ҳам касалхона атрофида ётиб юрибман. Ҳожат учун яқин атрофдаги кафеларга кираман. Пулим ҳам қолмади” - дейди она.

Дилафруз қизини ватанига олиб кетиш ва даволанишни Тошкентда давом эттиришни истайди. Озодлик мухбири қиз ётган Миллий госпиталь шифокорлари билан ҳам суҳбатлашди. Улар Азизанинг аҳволи барқарорлашганини, лекин комадан чиқиш вақти номаълумлигини айтишди. Бошқа бир жиҳат — қон босими юқори эканлиги туфайли, уни самолётда Ўзбекистонга олиб кетиш ҳозирча хавфли.

Азиза Гулмуродова ётган шифохонанинг жонлантириш бўлими
Азиза Гулмуродова ётган шифохонанинг жонлантириш бўлими

Қирғизистонлик шифокорлар Азиза қанча муддат бўлса ҳам Бишкекдаги шифохонада қолиши мумкинлигини, доимо назоратда бўлишини таъкидлашмоқда. Қизнинг онаси ҳам шифокорлардан миннатдорлигини айтади, лекин дори-дармон ва яшаш учун жой топишга ватандошларининг ва Ўзбекистон ҳукуматининг ёрдамига муҳтож.

“Қизимни машинасида уриб кетган йигит бир куни кечаси телефон қилди, “қизингни ҳам, сени ҳам ўлдираман” деб қўрқитди. Милицияга хабар бердим, телефон рақамини ҳам бердим. Лекин натижасини билмайман” - дейди она.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси воқеа юзасидан изоҳ бериб, 2 апрелда Азиза Гулмуродова билан боғлиқ бахтсиз ходиса рўй берганини тасдиқлади ва суриштирув давом этаётганини маълум қилди. Расмий маълумотда гуманланувчи 26 ёшда экани, "Хундай-Соната" машинасида қизни уриб кетгани айтилади.

"Факт бўйича Бишкек ШИИБ Тергов хизмати жиноят иши очилган. Барча экспертизалар олинган. Экспертиза натижаларига кўра, Қирғиз Республикаси Жиноят кодексининг тегишли нормаларига муофиқ чоралар кўрилади" - деб маълумот берди милициянинг матбуот хизмати.

Озодлик қизни уриб кетган деб гумонланаётган Айдар исмли ҳайдовчига ҳам телефон орқали боғланди.

“Мен кўрмай қолдим, нарги томондан югуриб келиб машинага ўзи урилиб кетди. Бундай фалокат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Қўлимиздан келган ёрдамни бердик. Лекин онаси катта суммада пул сўраяпти. Менда унақа пул йўқ. Қочиб кетмадим, қўрқитганим ҳам йўқ. Нега қўрқитишим керак уни?” деди у.

Ҳайдовчи жабрланувчига қанча молиявий ёрдам бергани ва қизнинг онаси қанча сўраётгани ҳақида саволга очиқлик киритмаган.

Қизни машина уриб кетган ҳолат кўчадаги видеокузатув камерасига ёзилиб қолган. Видеода йўлни кесиб ўтаётган талабни тез юриб келаётган машина қаттиқ уриб юборгани акс этган. Дилафруз Каримова уни консулликка мессенжер орқали юборганини, лекин жавоб бўламаганини таъкидлайди.

Озодлик 14 майда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасига боғланди, элчихона ходими бу иш билан консуллик шуғулланиши кераклигини маълум қилди. Консулликдан эса ҳозирча бу борада изоҳ олиш имкони бўлмади.

Азиза Гулмуродованинг ва онасининг вазияти ҳақида илк бор оммага қирғизистонлик ҳуқуқбон Азиза Абдирасулова айтиб чиқди. У Фейсбук орқали Қирғизистоннинг мутасадди идораларига ва тегишли вазирликларнинг раҳбарларига мурожаат йўллаб, муаммога эътибор қаратишга чақирди. Ҳуқуқбонга эса жабрланувчининг онаси Дилафруз Каримова ёрдам сўраб, шикоят ёзган.

Ҳалқаро қонун-қоидаларга кўра, ҳар қандай мамлакатнинг хориждаги элчихоналари ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга. Ўзбекистон Республикасининг “Консуллик устави” ва “Фуқароларнинг хорижда ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги меъёрий ҳужжатларда ҳам элчихона ёки консуллик ходимлари чет элда оғир аҳволга тушган фуқароларга ёрдам бериш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий, ва моддий манфаатларини таъминлаш борасида тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилишлари шарт.

Ўзбекистондан Қирғизистонга келиб таҳсил олаётган талабалар Бишкекнинг 2020 йилдаги ҳисобича 17 мингга яқин эди. Ундан бери расмий статистика эълон қилинмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG