Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2025, Тошкент вақти: 18:42

Табақаланган таълим - Мирзиёев "Гарвардчилар мактаби"ни очишга қарор қилди


Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор, июнь, 2024
Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор, июнь, 2024

Президент Шавкат Мирзиёев янги ўқув йилидан мактаб директори, ўринбосари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади, деб ваъда қилди.

Мирзиёев 15 май куни мактаб таълим тизимига бағишланган навбатдаги видеоселекторни ўтказди.

Унда президент ҳозир 60 минг ўқитувчи 8-12 млн сўм, яъни тақрибан 615 - 750 АҚШ доллари атрофида маош оляпти, деди.

Бундан ташқари, Мирзиёев "Президент мактабларидаги ўқув дастурлари жами 1,5 мингта мактабда жорий қилинди, энди "Гарвард мактаби"ни очамиз", деди.

Таълим экспертларига кўра, 15 май кунги йиғилишда илгари сурилган ташаббуслар йиллардан буён ислоҳотлар учун синов майдончасига айланган мактаб таълими соҳасида йиғилган муаммоларни ҳал қилишдан кўра, янада оғирлаштиришга хизмат қилиши, хусусан табақаланган таълим муаммосини чуқурлаштириши мумкин.

15 май кунги селекторда кўплаб янги режа ва қатор жиддий рақамлар эълон қилинди.

Жумладан, президент бу йил мактабгача ва мактаб таълимига 60 триллион сўм йўналтирилганини айтаркан, баъзи рақамларни илова қилди:

- мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўрин яратилган,
- малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинган,
- 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти.

Жамоатчилик эътиборини тортган асосий рақам - ўқитувчиларнинг маоши бўлмоқда.

Ўтган йили августда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова илк матбуот анжуманини ўтказган ва унда берилган илк саволлардан бири “Ўқитувчиларнинг маоши қачон 1000 долларга етади?” деган савол бўлганди.

Ўшанда вазир 6 мингдан ортиқ ўқитувчи 1000 доллардан маош олишини айтган, аммо ҳамма ўқитувчининг маошини бу суммага етказишнинг имкони йўқлигини тан олганди.

15 май кунги йиғилишда президент 60 минг ўқитувчи 8-12 млн. сўмдан маош олаётганини айтди. Бу эса тақрибан 615 - 750 АҚШ доллари атрофида.

Статистика агентлигига кўра, 2024/2025-ўқув йили бошида умумий ўрта таълим ташкилотларидаги ўқитувчилар умумий сони 564,9 минг нафарни ташкил этган. Демак, расмий маълумотга қараганда, ҳар 9 ўқитувчидан бири 8-12 миллион сўм мош оляпти.

2023-2024 ўқув йили якунида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 3 ярим 4 миллион сўмни ташкил этиши, 2023 йилда бундан ҳам 13 фоиз кам бўлгани тан олинган эди.

Айни пайтда, 15 май кунги селекторда бу йил таълим тизимига Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилингани айтилди.

Президентга кўра бу пулга 72 минг ўқувчи ўрни билан 58 та мактаб қурилади.

“Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади”, деди жумладан президент.

Йиғилишда берилган яна бир муҳим баёнот Ўзбекистонда “Гарвардчилар мактаби”нинг очилиши бўлди.

Мирзиёев “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурини бошлаш ва “Гарвардчилар мактаби”ни очиш бўйича катта фармон имзолаганини айтди.

Айтишича, бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади ва бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда “Топ-10” олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.

Бундан ташқари, мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиниб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби олийгоҳларига тайёрланаши айтилди.

"Юқорида "таълим бўйича селекторлар менда хавотир уйғотади" деб ёзгандим. Бундай селекторлар орқали ғайриилмий, тескари самара бериши эҳтимоли юқори бўлган таклифларни энг юқори минбар орқали айттириб, легитимлаштириб олиш эҳтимоли катта бўлади. Умумий ўрта таълимни табақалаштириш, ўқувчиларни "иқтидорли - иқтидорсиз"га ажратиб, уларга ҳар хил имкониятларни таъминлаш эвазига инсон капиталини кўтарган, ривожланган давлатлар мавжуд эмас. Халқаро тадқиқотлар, масалан, ПИСА ҳам таълимда тенглик, ҳамма учун сифатли таълим имкониятларини таъминлаш муваффақиятли таълим тизимининг муҳим хусусиятларидан бири эканлигини таъкидлаб келади", деб ёзади таълим бўйича ўзбекистонлик таниқли эксперт Комилжон Жалилов.

Шавкат Мирзиёев президентликка келгандан кейин Ўзбекистон умумтаълим тизимида “Президент мактаби” деган янгиликни жорий этган.

2019 йилдан бошлаб тузилган президент мактаблари ёхуд президент мактаблари дастури асосида таълим бераётган мактаблар сони, 15 май кунги селекторда айтилишича, 1 ярим мингтадан ошган.

Республика бўйлаб очилган президент мактаблари иқтидорли ўқувчиларни имтиҳон асосида саралаб олади.

Экспертлар бундай ёндошувни таълим тизимида табақаланиш ҳамда коррупцияни авж олдиришидан кўп огоҳлантирган.

Бундан ташқари, давлат бюжети ҳисобига ташкил қилинган президент мактабларида ўқувчилар учун яратилган шароит ҳамда ўқитувчилар маоши - давлат бюджетига ишлаб турган оддий мактаблардагидан тубдан фарқ қилиши ҳам танқид қилинади.

Бу ўринда айнан мактаблар орасидаги табақаланиш ҳисобига ҳукуматнинг халқаро ҳисоботларда Ўзбекистондаги умумий таълим сифати даражасини сунъий равишда оширишга уриниш истаги бор, деган танқидлар ҳам янграйди.

Жумладан, Ўзбекистонда 15 ёшгача бўлган ўқувчилар ҳам халқаро PISA баҳолаш тизимида иштирок этмоқда ва айнан президент мактаблари ўқувчилар бу имтиҳонда чекланмаган миқдорда иштирок этишига йўл қўйиб берилган.

“Бу нима эканини биласизми? Ўртача баллни сунъий оширишга уриниш. Қисқа айтса, фирибгарлик. Нимаси фирибгарлик дерсиз. Ҳаммаси оддий, бу мактаблар энг сара ўқувчиларни ўқитади, уларнинг натижалари яхши чиқиш эҳтимоли юқори. Аммо улар бутун Ўзбекистон ўқувчиларининг 1 фоизини ташкил этади (ёки ундан ҳам кам). Бу репрезентативлик – ҳақиқий воқеликни акс эттиришга қаратилган гуруҳни танлаб олиш жараёнига зид ҳисобланади. Таълим сифатини ёлғондан баланд кўрсатиш, ўзимизни алдаш нега керак, тушунмаяпман. Яна ҳам тушунмаётганим, OECD бунга қандай қилиб йўл қўйиб берди?” деб ёзди педагог ҳамда Она тили бўйича Миллий ўқув дастури муаллифларидан бири Шокир Турсун.

PISA - ўқувчилар билимини халқаро миқёсда баҳолаш дастури - дунёдаги энг йирик ва мукаммал таққослама таълим тадқиқотларидан бири ҳисобланади. Жаҳон бўйлаб турли мамлакатларда мактаб ўқувчиларининг академик билим ва айни пайтда умумтаълим мактабларидаги муҳит ва таълим жараёни ҳақидаги маълумотлар жамланади.

Ўзбекистон илк бор 2022 йилда PISA тадқиқотида қатнашган. Бунда ўзбекистонлик ўқувчилар учта асосий йўналиш (ўқиш, математика ва табиий-илмий саводхонлик) бўйича ҳамда ижодий фикрлаш бўйича охирги ўнталикка кирганди.

Ўзбекистонлик ўқувчилар бу йил ҳам бу тадиқиқотда қатнашади, натижалар эса келгуси йили эълон қилинади.

"Президент мактаблари битирувчилари ютган грантлар ва PISA тадқиқоти ўлчайдиган мамлакатдаги умумий ўрта таълим сифати ўртасида боғлиқлик бор, дейиш жуда қийин. Мамлакатдаги 14та Президент мактаби ва 10 мингдан ошиқ умумтаълим мактаби ўртасида ер билан осмондек фарқ борлигини билмаслик мумкин эмас. Ўтган сафарги PISA тадқиқотлари кўрсатиб берган муаммолардан биронтаси ечилгани йўқ. Таълим ҳалигача "усти чиройли, таги эса газак олиб ётган" масала бўлиб қолмоқда", деб ёзди Жалилов.

Бу натижалар ўқувчиларнинг дунёдаги нуфузли олий ўқув юртларига қабулга ҳозирланишида ҳам муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонлик таълим экспертларига кўра, мамлакатда президент мактаблари ҳамда президент мактаби дастури асосидаги ихтисослашган мактабларнинг кенгайиши - бу том маънода таълимдаги табақаланишни кучайтириш сари навбатдаги хато қадам.

"Таълим шундай соҳаки, у пала-партиш «ислоҳотлар»ни, ҳали у давлатдан, ҳали бу давлатдан кўр-кўрона «ўрганиб» жорий қилинаётган «тажрибалар»ни ёқтирмайди. Таълимга узвийлик, илмий асосланган ва пухта ўйланган, ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган, кайфиятга қараб ўзгармайдиган стратегия керак. Ҳозирги вазир ва унинг жамоаси бу нарсани тақдим қила оладими? Мана шу энг катта савол. Қила оладиган бўлса, нега шу пайтгача қилмади? Нега бирон марта матбуот анжумани ўтказиб, саволларга очиқ жавоб бермади, мустақил ОАВларнинг олдиндан келишилмаган саволларига жавоб бермади?" деб ёзди жумладан Комил Жалилов.

Ўзбекистонда ҳозир 11 мингга яқин умумий ўрта таълим мактаби бор. Ўтган ўқув йилида бу мактабларда жами 6 ярим миллионга яқин ўқувчи қайд этилган.

Экспертлар йиллардан буён мактабларда ўқувчи ўринлари, дарсликлар ва малакали ўқитувчиларнинг озлиги каби фундаментал муаммолар ҳал этилмаганини таъкидлаб келади.

15 май кунги йиғинда президент бу масалаларга ҳам тўхталди, аммо чиқиши сўнггида "Умумтаълим тизими учун барча шароитларни яратиб бердик, энди муаммоларни ҳал қилиш соҳадаги вазирда", деб нуқта қўйди.

Мавзунинг давомини қўйидаги видеода томоша қилишингиз мумкин:


Форум

XS
SM
MD
LG