Тармоқларда ўзини ватанпарвар миллат сифатида кўрсатишга интилувчи ўзбек жамияти бир вақтнинг ўзида Green Card (Грин Карта) орқали АҚШга кетиш бўйича дунё лидерига айланди.
АҚШ ҳукумати расмий маълумотига кўра, 2025 йил учун Грин Карта дастурида 5564 нафар ўзбекистонлик ғолиб бўлган. Ҳар йили камида 1,5 миллион ўзбекистонлик Америкага кетиш орзусида Грин карта лотореясини ўйнайди.
Грин Картага бўлган оммавий қизиқиш тренди, тадқиқотларга кўра, нафақат ташқи имкониятларга интилиш, балки мамлакат ичидаги иқтисодий танглик, ишсизлик, таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги тизимли муаммолар билан ҳам боғлиқ.
Рақамлар: ютишми ёки сигнал?
Грин Карта — АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат бўлиб, у “Diversity Visa” дастури орқали ҳар йили дунё бўйича танлаб олинадиган чекланган сондаги кишиларга берилади.
Ариза топшириш жараёни тўлиқ бепул ва онлайн тарзда амалга оширилади. Шу боис дастур кенг омма учун очиқ ва фойдаланишда қулай ҳисобланади.
АҚШ ҳар йили Грин карта дастури учун 55 минглик квота эълон қилади, бу имкондан фойдаланиш учун ҳар йили бутун дунё бўйлаб 20 миллион одам ариза топширади. Одатда ғолиб сифатида қайд этилган ариза берувчиларнинг 50 фоиздан кўпроғи АҚШ элчихоналарида виза бўйича интервюдан ўтган тақдирдагина Америкага виза олади.
Бу йилги дастур учун 192та давлатдан 19,927,656 та ариза қабул қилинган ва тасодифий танлаш йўли билан 131,060 нафар аризачи ғолиб бўлган.
Ўзбекистон ғолиблар сони бўйича рўйхатнинг юқори поғонасида жойлашган бўлса, Жазоир, Россия, Миср ва Судан ҳам Грин Карта лотереясининг 2025 йилги натижаларида илғор бешликдан ўрин олган.
- Ўзбекистон — 5564;
- Жазоир — 5526;
- Россия — 5519;
- Миср — 5515;
- Судан — 5505
Грин-карта одатда 10 йилга берилади, унга эга бўлгандан сўнг 5 йил ўтгач, АҚШ ватандошлигини олиш учун ариза бериш мумкин.
Ушбу дастур ўзбекистонликлар учун анчадан буён оммавий трендга айланган бўлиб, ҳар йили минглаб фуқаро ушбу дастур орқали АҚШда доимий яшаш имкониятини қўлга киритмоқда.
- 2025 йил- 5,564
- 2024 йил- 5,555
- 2023 йил - 5,511
- 2022 йил - 6,001
- 2021 йил - 5,319
Рақамлар ортидаги реаллик
Ўтган йили Ўзбекистондан жами қанча киши Грин карта учун ариза топширгани ҳақида расмий маълумотлар эълон қилинмаган.
Масалан, 2020 йилда 1,674,787 нафар ўзбекистонлик Грин карта учун ариза топширган бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг тахминан 8%ини ташкил этган.
Бу даражадаги қизиқиш, таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий мувозанатсизлик, таълим ва меҳнат бозоридаги тўсиқлар ҳамда сиёсий тараққиётга бўлган ишончсизлик жамланмаси бўлиб, Грин Карта кўплар учун янги ҳаёт эмас, мавжуд тузумдан “қочиш” имконидир.
"Энг асосий сабаблардан биринчиси, иқтисодий сабаблар. Ўзбекистон каби иқтисодий қолоқ давлат бўлса, яқин келажакда иқтисодий ривожланишига инсонларнинг умиди бўлмаса, бу ўша давлатдан қочишнинг сабабларидан бири. Иккинчиси, агар сиёсий босим бўлса, яъни авторитар тизимга асосланган давлат бўлса одамлар у ердан қочишни танлайди. Учинчиси, адолатсизлик яъни тизимда, жамиятда адолатсизлик бўлса, одамлар кетишни истайди. Адолатсизлик- бу ҳуқуқсизлик ва коррупция жамиятнинг бутун қатламларига сингиб кетишидир. Бундай вазиятда одамлар Ўзбекистон келажагидан умидини узиб, кетишни, қочишни танлайди", дейди Америкада яшовчи таҳлилчи Баҳодир Файзи.
Кетишни хоҳлаётган авлод
Грин картага қизиқиш тенденцияси айниқса ёшлар орасида яққол кўзга ташланади. Тадқиқотларга кўра, 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган кишилар Грин Карта дастурининг асосий иштирокчилари ҳисобланади. Яъни, бу аҳолининг ишлайдиган, илм оладиган, янгилик яратадиган фаол қатлами мамлакатни тарк этиш орзусида эканини англатади.
Тадқиқотларда қайд қилинишича, Грин карта дастури орқали
ўзбекистонлик аёллар, асосан, фарзандларининг келажагини таъминлаш ва шахсий ривожланиш имконини излашган бўлса, эркаклар кўпроқ молиявий барқарорлик ва касбий ўсиш имкониятларини қидиришмоқда.
"Ўзбекистонликларнинг Грин картани кўп ўйнашининг сабаби- ҳамма яхши ҳаётга интилади. Болалари, ўзлари келажакда яхши яшашни, молиявий даражасини кўтаришни истайди. Ўзбекистонда ҳозирги кунда ижтимоий ҳолат анча яхши эмас. Аҳолининг кўп қатлами ижтимоий ҳолатдан қийналмоқда. Ойлик, тўловлар масаласи одамларни қийнаяпти. Май ойидан тўловлар яна ошган. Аҳоли яшашга деярли имкон топа олмаяпти. Америкага уйини сотиб келаётганлар кўп", дейди Нью Йоркда яшовчи ўзбекистонлик муҳожир йигит- Ойбек.
Танлов эмас, шароит
Ўзбекистон расмийлари Грин Карта дастурига қизиқишни фуқароларнинг “бошқа давлатларни кўриш” истаги ёки “шахсий танлови” сифатида изоҳлаб келишади. Аммо рақамлар, интервьюлар ва мустақил таҳлиллар шуни кўрсатадики, масала кўпроқ ички муҳитнинг инсон эҳтиёжларига мос келмаслигидадир.
Колумбия университети қошидаги Graduate Student Journal of Psychology нашрида чоп этилган 2023 йилги тадқиқотда АҚШда яшовчи 20 нафар ўзбекистонлик муҳожир билан суҳбат асосида миграция сабаблари таҳлил қилинган.
Тадқиқот натижалари Грин Картага бўлган ўзбекистонликларнинг қизиқиши фақат ташқи омиллар билан эмас, балки мамлакат ичидаги тизимли муаммолар билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатган.
Тадқиқотда ўзбекистонликларни ўз юртини тарк этиш омиллари сифатида ишсизлик, турмуш даражасининг пастлиги, таълим сифатининг етарли эмаслиги ва бозор иқтисодиётига мослаша олмаган тизим қайд этилган.
Ушбу тадқиқотда иштирок этган ўзбекистонликларнинг аксари АҚШда қолишни афзал кўриб, юртга қайтишни эса келажакни тасаввур қилмаслик билан боғлашган.
"Дунё давлатларини Ўзбекистон билан қиёслайдиган бўлсак, Ўзбекистонда бугун уруш йўқ, Ўзбекистонда бугун очарчилик йўқ. Кунини бир амаллаб кўриш мумкин, яшаб юришибди. Шунга қарамасдан ташқарига қочиш бўйича Ўзбекистон дунё давлатлари ичида биринчи ўринни эгаллаяпти", дейди Америкада яшовчи таҳлилчи Баҳодир Файзи.
Ютуқ учун тузоқлар
Грин карта дастури мутлақо бепул бўлишига қарамасдан Ўзбекистонда ўз “ёрдамлари”ни таклиф қилувчи гуруҳлар мавжуд.
Озодлик суриштирувида Самарқанддаги ўртакаш ширкатларнинг фуқаролар шахсий маълумотларини улар рухсатисиз ўғирлаб¸ Green Card лотереясига жўнатиши¸ ютуқ чиққанларга бу ютуқни тасдиқловчи махсус кодларни 10 минг долларгача бўлган “суюнчи” эвазига пуллаши аниқланган эди.
АҚШ Давлат департаменти¸ хусусан¸ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси фуқароларни Green Card билан боғлиқ турли фирибгарлик схемаларидан узоқ туриш¸ хусусан¸ ўртакаш ширкатларнинг пуллик хизматидан фойдаланмасликни тавсия қилади.
Орзу реалликка тўқнашганда
Грин Карта орқали АҚШга борган кўплаб ўзбекистонликлар инглиз тили етишмаслиги, диплом ва касбий малака тан олинмаслиги, молиявий босим ҳамда ҳуқуқий тизимда адашиш каби қийинчиликларга дуч келадилар.
Шу билан бирга, маданий фарқлар ва ижтимоий яккалик ҳисси уларнинг жамиятга мослашишини ҳам оғирлаштиради.
Янги муҳитда ёлғизлик, ишончли алоқалар етишмаслиги ва психологик босим кўп ҳолларда адаптация жараёнини секинлаштиради.
Натижада, кўпчилик аввалги касбидан воз кечиб, "қора" ишларга рози бўлишга мажбур бўлади.
Қонуний йўллар ёпилганда...
Айни пайтда президент Трамп маъмурияти томонидан ноқонуний миграцияга нисбатан қатъий чоралар кўрилаётганига қарамай, айрим ўзбекистонликлар Мексика орқали АҚШга ноқонуний йўл билан кириш ҳаракатини давом эттирмоқда.
Жумладан, жорий ойда Жиззахда бир кишини Мексика орқали АҚШга жўнатиш учун 200 миллион сўм олмоқчи бўлган шахс қўлга олинди.
Байден маъмурияти даврида рекорд сондаги муҳожирлар жанубий чегарани кесиб ўтди. Бу ўз навбатида америкаликларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Доналд Трамп Байденнинг очиқ чегара сиёсатини танқид қиларкан, Оқ уйга келиши билан ҳужжатсиз муҳожирларни оммавий равишда бадарға қилишга ваъда берган. Бу қисман амалга ҳам ошмоқда.
Ўтган ой 130 дан зиёд марказий осиёлик ноқонуний муҳожир АҚШдан ҳайдалди. Расмий Тошкент бошчилигида махсус самолётда қайтарилган муҳожирларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар экани айтилди.
Айрим ҳолатларда, ўзбекистонликлар Мексика орқали ноқонуний равишда АҚШга кириб, кейин бошпана сўрашга ҳаракат қилишмоқда. Бундай ҳолатлар уларнинг АҚШда қонуний қолиш имкониятларини ошириши мумкин, аммо бу жараён ноаниқ ва йиллар давомида ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради.
Озодлик мухбирлари Мексика ва АҚШга саёҳат қилиб, ўзбекистонликларнинг Америкага ноқонуний кириш йўллари бўйича суриштирув ўтказган.
Суриштирув видеосини қуйидаги линкда томоша қилишингиз мумкин:
Форум